Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижондаги қатор муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Қўрғонтепа ва Избоскан туманлари ҳамда Андижон шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 3-сон тергов ҳибсхонаси, Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш Қўрғонтепа туманлараро пункти, “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар (Қўрғонтепа т.) ҳамда Бўтақора “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар (Андижон т.) ва Чуама “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар (Избоскан т.) учун интернат уйлари, Жалақудуқ туманидаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий маркази ҳамда Андижон вилояти ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонага (Махсус қабулхона) мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида қайд этилган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ва сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув ҳамда тинтув, тергов ва адвокатлар хоналари ҳамда сайилгоҳдаги шарт-шароитлар, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.

Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар аниқланди. Хусусан, Жалақудуқ туманидаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий марказида ўрнатилган махсус чақирув тугмаси орқали қўриқлаш хизмати чақирилганида, ушбу хизматнинг масъул ходимлари етиб келмаган.

Шунингдек, қўриқлаш хизмати 12 соатлик хизмат режими тартибига ўзгаргани айрим қийинчиликларни келтириб чиқараётгани маълум бўлди. Хусусан, ушбу Марказ ходимлари маст ҳолатда бўлган шахслар томонидан жанжалли вазиятлар юзага келаётган кўп ҳолларда қўриқлаш ходимлари ишда бўлмаслигини таъкидлаб, қўриқлаш пунктида 24 соатлик хизмат режимини жорий этиш таклифини билдиришди.

 “Омбудсман қути”ларида қолдирилган ҳамда ҳоли тарзда ўтказилган қабуллар орқали келиб тушган мурожаатлар назоратга олинди. Айрим мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мониторинг якунларига кўра аниқланган камчиликлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати