Хусусан, 11-сонли тергов ҳибсхонаси, Хоразм вилояти ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона (Махсус қабулхона) ва Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, Урганч шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Руҳий-асаб касалликлари шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали ҳамда Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро (Урганч ш.) пунктидаги шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Мониторинг ташрифлари давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхоналар, тиббиёт бўлимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали мулоқот қилиш ва учрашув, шунингдек, сайилгоҳ, тинтув, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар ҳамда видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.
Ташрифлар давомида аввалги мониторинглар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ижроси ҳам ўрганилди.
Жумладан, 11-сонли тергов ҳибсхонасида адвокатлар учун хоналар етарли эмаслиги юзасидан аввал киритилган тавсиялар асосида қўшимча адвокатлар хонасини ташкил этиш учун 672 млн сўм маблағ ажратилгани маълум бўлди. Шунингдек, ҳибсхона ҳудудида ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида 300 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани аниқланди.
Махсус қабулхонада сақланаётган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва ихтиёрийлик асосида меҳнатга жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилди. Бунда, айниқса, алимент тўловлари бўйича қарздорлиги мавжуд шахсларнинг меҳнат қилиши орқали ўз даромади ҳисобидан қарздорликни камайтириши ҳамда Махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш имкониятини яратиш масаласига эътибор қаратилди.
Руҳий-асаб касалликлари шифохонасида ўтказилган ўрганишларда васийликка олинган айрим шахслар ҳолидан васийлари мунтазам хабар олмаётгани, шу билан бирга, уларнинг нафақа тўловлари васийлар томонидан олинаётгани маълум бўлди.
Шу боис, бундай ҳолатларни масъул идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш, васийлик мажбуриятларини лозим даражада бажармаётган шахсларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда нафақа маблағларининг ҳақиқий эҳтиёж эгалари манфаатига сарфланишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилоят филиалида эса овқатлантириш хизмати сифатига оид эътирозлар ўрганилди. Мониторинг натижаларига кўра, аутсорсинг асосида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъекти билан тузилган шартнома шартларига риоя этилиши ва зарур ҳолларда мазкур шартномани қайта кўриб чиқиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.
Мониторинг якунларига кўра тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари аьзолари томонидан билдирилган тавсиялар юборилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






