Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Омбудсман институти, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, илмий жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этди.
Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили аҳоли, айниқса чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун ҳуқуқий тушунтиришлар, амалий маслаҳатлар ва давлат органлари билан очиқ мулоқот майдонларига эҳтиёж юқори эканини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Омбудсман институти томонидан аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларни жойларда ўрганиш ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини манзилли ташкил этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Омбудсман мактаби”, “Омбудсман соати” ҳамда “Тенглик ва ҳурмат” каби платформалар орқали аҳолининг турли қатламлари, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар қамраб олинмоқда.
Давра суҳбатида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






