Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғона вилоятидаги бир қатор ёпиқ муассасаларда ўтказилган мониторинг ташрифларида қатор камчиликлар аниқланди — Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Фарғона вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари (вилоят ИИБ РЭМ) ҳамда Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона (Махсус қабулхона), Фарғона ва Қўқон шаҳарлари, Ўзбекистон, Олтиариқ ва Қува туманлари ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналари (ВCҲ), 10-сонли тергов ҳибсхонаси, Қудаш “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи (Ўзбекистон т.) ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи (Қўқон ш.), Фарғона вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, 2-сонли руҳий касалликлар ва Фарғона шаҳридаги Руҳий-асаб касалликлар шифохоналари, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Тошлоқ, Қува ва Фарғона туманларидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига (ҳушёрхона) мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхоналар, тиббиёт бўлимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали мулоқот қилиш, учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек видеокузатув камераларининг ҳолати ўрганилди.

Мониторинглар давомида айрим камчиликлар аниқланди. Хусусан, Қува тумани ИИБ ВСҲ ҳамда 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасида баъзи жиҳозлар етишмаслиги, Қўқон шаҳри, Қува, Олтиариқ ва Ўзбекистон туманлари ИИБ ВСҲда зарарсизлантириш ва кундалик тозалов ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги маълум бўлди.

Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳамда Тошлоқ туманидаги ҳушёрхоналарда, шунингдек Ўзбекистон тумани ИИБ ВСҲда белгиланган дори-дармон воситалари тўлиқ эмаслиги аниқланди.

Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Тошлоқ ва Қува туманларидаги ҳушёрхоналарда тиббий ёрдам кўрсатувчи ходимларнинг туну-кун қўриқланишини таъминлаш чоралари кўрилмагани, Миллий гвардия ходимлари жалб қилинмагани аниқланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 644-сонли қарори талабларига мувофиқ эмас.

Шу билан бирга, айрим муассасаларда илгари аниқланган камчиликлар бартараф этилгани маълум бўлди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказида кутубхона ташкил қилингани, вилоят ИИБ РЭМда ётоқ жойлари ва ошхона таъмирланиб, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун зарур жиҳозлар билан таъминлангани, Марғилон шаҳридаги ҳушёрхонада сақланаётган шахслар учун жой ўринлари ва Фарғона туманидаги ҳушёрхонада ювиниш хоналари таъмирлангани аниқланди.

Мониторинг жараёнида “Омбудсман қутиси” орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди, муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати