Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” платформаси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ўтказилмоқда
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” платформаси эндиликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ҳам ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад маҳкум ва маҳбусларга ўз ҳуқуқлари, Омбудсманга мурожаат қилиш тартиби, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш бўйича мавжуд кафолатлар, шунингдек жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин жамиятга мослашиш жараёнида фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-ҳуқуқий имкониятлар ҳақида тушунчалар беришдир.

Шу мақсадда “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 27-сон манзил-колонияси, Сирдарё вилоятидаги 40-сон манзил-колонияси, Сурхондарё вилоятидаги 41-сонли манзил колонияси, Фарғона вилоятидаги 10-сон тергов ҳибсхонаси ҳамда Хоразм вилоятидаги 11-сон тергов ҳибсхонасида маҳкум ва маҳбуслар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда у ерларда сақланаётган 300 нафарга яқин иштирокчилар қамраб олинди.

Тадбирларга ҳудудлардаги Пробация бошқармалари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари масъул вакиллари томонидан жазо муддатини ўтаётган шахслар, жумладан озодликка чиқиш арафасида турган маҳкумлар учун зарурий маълумотлар берилди. Жумладан, Омбудсманнинг ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ваколатлари, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи, шунингдек мурожаат қилган шахсга нисбатан босим ўтказилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган шахслар учун муҳим бўлган пробация тартиби, озод қилинган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, бир марталик ёрдам пули олиш ва бошқа имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди.

Мулоқотлар давомида маҳкум ва маҳбуслар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар. Иштирокчиларнинг фаоллиги ва саволлари мазкур йўналишда ҳуқуқий хабардорликни оширишга эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатди.

Тадбирлар якунида сайёр қабуллар ҳам ўтказилиб, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Уларда кўтарилган масалаларнинг аксарияти тегишли идоралар билан ҳамкорликда жойида ўрганилиб, хал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар эса Омбудсман назоратига олинди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати