Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Минтақавий вакиллар маҳаллий Кенгашларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан маъруза тақдим этди
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳудудда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисида Омбудсман билан келишилган ҳолда ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим этади.

Ушбу қонун талаби ижроси доирасида халқ депутатлари Навоий, Бухоро ва Фарғона вилоятлари Кенгашлари сессияларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳудудий минтақавий вакиллари томонидан тегишли маърузалар тақдим этилди.

Хусусан, Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашида Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Джураев, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашида Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашида эса Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Алишер Камилов маъруза билан иштирок этди.

Маърузаларда ҳудудлар кесимида Омбудсман минтақавий вакилларига келиб тушган мурожаатлар таҳлили, уларда кўтарилаётган асосий масалалар, фуқаролар ҳуқуқларини тиклаш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида киритилган таъсир чоралари ва уларнинг ижроси ҳамда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, очиқ мулоқотлар, чекка ҳудудларда сайёр қабулларда кўтарилган масалаларга алоҳида тўхталинди. Бу борада идоралараро ҳамкорликнинг самарадорлигига ҳам урғу берилди.

Маҳаллий Кенгашларда ушбу маърузаларнинг муҳокама қилиниши ҳудудларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мурожаатларда кўтарилаётган тизимли масалаларни таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати