Мониторингларда қайд этилган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга жалб этиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар учун хоналар ҳамда мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ўрганилди. Шунингдек, камера ва биноларнинг санитария ҳолати, видеокузатув тизимлари, адвокат ва терговчилар учун ажратилган хоналар кўздан кечирилди.
Қўнғирот ва Чимбой туманлари ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Нукус шаҳри, Қанликўл ва Шуманай тумани тиббиёт бирлашмалари таркибидаги Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга туманлараро тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида санитария-гигиена талабларига зид ҳолатлар аниқланди. Шунингдек, баъзи жихозлар етишмаслиги ва бинолар таъмирталаб ҳолга келгани маълум бўлди.
Қўнғирот ва Чимбой туманлари тиббиёт бирлашмалари таркибидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида айрим ҳолларда фуқаролар нарколог шифокор ёки унга тенглаштирилган шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилмасдан хизмат кўрсатилгани маълум бўлди. Хусусан, беморлар тўлиқ текширувдан ўтказмасдан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада меъёридан ортиқ шахс сақланаётганлиги аниқланди.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказида беморларнинг овқатланиши учун айрим маҳсулотлар етарлича берилмаётгани ҳамда очиқ ҳавода сайр қилиш майдони талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.
Мониторинг жараёнида “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар қабул қилинди ва муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари эшитилди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакили ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 27-сон манзил-колонияси ҳамда 2-сон тергов ҳибсхонасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Унда манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 90 нафарга ва тергов ҳибсхонасида сақланаётган 200 нафарга яқин шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий кўрикка кардиолог, оториноларинголог, гинеколог, ультратовуш текшируви мутахассиси, офтальмолог, эндокринолог, терапевт, стоматолог ҳамда психиатр шифокорлари жалб этилди.
Кўрик натижаларига кўра, маҳкум ва маҳбуслар орасида ўткир ёки юқумли касалликлар аниқланмади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






