Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Женевага хизмат ташрифи доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди
2026 йилнинг 31 март ва 1 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Женевага хизмат ташрифи доирасида БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги ваколатхонаси директори Аги Вереш, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянси (GANHRI) котиби, шунингдек Шимолий Ирландия Инсон ҳуқуқлари комиссияси бош комиссари Алисон Килпатрик, Осиё-Тинч океани миллий инсон ҳуқуқлари институтлари форумининг (APF) Ижрочи директори Туи Доан-Смит ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Миллий институтлар ва минтақавий механизмлар секцияси инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Маттиас Клеттермайер билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Учрашувларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, институционал мулоқотни мустаҳкамлаш, миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг халқаро майдондаги ўрнини кучайтириш, шунингдек минтақавий ва амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар давомида Омбудсман мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу борада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари янада такомиллаштирилгани, Омбудсман институти фаолиятининг самарадорлиги ва таъсирчанлиги оширилгани қайд этилди.

Хусусан, 2020 йилда GANHRI томонидан Омбудсман институтига “Б” мақоми берилгач, тақдим этилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, унинг фаолиятини Париж принциплари асосида такомиллаштиришга қаратилган босқичма-босқич чоралар амалга оширилгани маълум қилинди. Натижада Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, таъсир чоралари доираси кенгайтирилди, ҳудудий вакиллар фаолияти кучайтирилди, институт фаолиятига рақамли ечимлар жорий қилиниб, мурожаатчилар учун янада қулай ва шаффоф механизмлар яратилди.

Меҳмонлар ҳам ўз навбатида мазкур жараён юзасидан фикр ва тавсияларини билдириб, институционал ривожланишни давом эттириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашувлар  дўстона, очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати