Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Жиззахдаги ёпиқ муассасалардаги шароитларни ўрганди ва аниқланган камчиликлар бўйича чоралар белгиланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоятнинг Жиззах шаҳри, Дўстлик, Зомин, Пахтакор ва Ғаллаорол туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 29 ва 30-сонли манзил-колониялар, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари, Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона, вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича филиали, “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйлари (Жиззах ва Зомин), мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктларига (Шароф Рашидов ва Зомин) мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида муассасалардаги ётоқ жойлар, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали мулоқот қилиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, видеокузатув камераларининг ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар аниқланди. Жумладан, вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказидаги шахсий йиғма жилдлар ўрганилганда, сақланаётган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланиб, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Mастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш Шароф Рашидов туманлараро пунктида маст ҳолдаги шахслар томонидан айрим хоналардаги видеокузатув қурилмалари ва жиҳозларга шикаст етказилгани, дераза ойнаси синдирилгани ва тиббий ходимларга нисбатан маст ҳолдаги шахслар томонидан куч ишлатиш ҳолатлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 декабрдаги “Жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ҳуқумат қарорларини тизимлаштириш тўғрсида”ги 754-сон қарорининг 5-иловаси, 34-бандида “Қўриқлаш бўлинмалари нарядлари мастлик ҳолатида бўлган шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига қабул қилиш учун тиббиёт ходимлари кўрикдан ўтказаётган ва тиббий ёрдам кўрсатаётган вақтда жамоат тартибини таъминлайди; мастлик ҳолатида бўлган шахслар томонидан агрессив хатти-ҳаракатлар билан қонунбузарлик ҳаракатлари содир этилган тақдирда, тегишли чоралар кўради; қўриқланаётган объект маъмуриятига, мансабдор шахсига объектни муҳандислик-техник мустаҳкамлигини таъминлаш, сигнализация тизимлари ва видеокузатув билан жиҳозлаш бўйича тақдимнома киритади; тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўради, зарур ҳолларда эса тегишли қарор қабул қилиш учун уларни ҳудудий ички ишлар органларига топширади; мастлик ҳолатидаги шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилади, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллайди” деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) ва 61-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган.

Бу ҳолатлар юзасидан ходимлар ҳавфсизлигини таъминлаш бўйича қўриқлаш хизмати фаолиятини кучайтириш ҳамда ҳушёрхонадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Зомин туманлараро пунктида эса тиббий ёрдам кўрсатиш хонасидаги дори-дармон ва тиббий ускуналар ҳолати ўрганилганда, биринчи ёрдам учун зарур воситалар етарли эмаслиги маълум бўлди. Қўриқлаш хизмати ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида хоналар ташкил этилмаган, палаталардаги ёстиқ жилдлари ва чойшаблар эскирган ҳолатда экани аниқланди.

Шунингдек, Махсус қабулхонадаги айрим хоналар (омборхона)да видеокузатув воситалари ўрнатилмагани маълум бўлди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли идораларга Омбудсманнинг назорат хатлари киритилди.

Мониторинг жараёнида “Омбудсман қутиси” орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди, муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати