Расмий маълумотларга кўра, йиғилиш доирасида Глобал альянс Бюроси мажлиси, Бош ассамблея, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тўрт минтақавий тармоғи учрашувлари ҳамда рақамли маконда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга бағишланган йиллик конференция ўтказилиши назарда тутилган.
Хизмат сафари дастуридан қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий давлатлар Омбудсманлари билан икки томонлама учрашувлар ва бошқа тадбирлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Осиё-Тинч океани форуми, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Глобал альянс котибияти ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги ваколатхонаси вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиши, шунингдек Ўзбекистон ташаббуси билан “Рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тажрибаси ва энг илғор амалиёт” мавзусида сайд-ивент ташкил этилиши режалаштирилган.
Омбудсманнинг мазкур нуфузли тадбирлардаги иштироки мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказиш, рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий ёндашувларни намойиш этиш, шунингдек илғор халқаро тажрибани ўрганишга хизмат қилади.
Қайд этиш лозимки, 2020 йилда Глобал альянс томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилди ва унга “В” мақоми берилди. Ҳозирда “А” мақомни олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






