Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навоий вилоятидаги қатор ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди, мурожаатлар қабул қилинди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Ташрифлар доирасида Навоий шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 5- ва 11-сонли жазони ижро этиш колониялари, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий тиббиёт марказининг Наркология ҳамда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия, шунингдек Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий тиббиёт марказининг Наркология хизматлари бўйича Навоий вилояти филиалларининг маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация қилиш маркази, Мамурий қамоққа олинган шаҳсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган маҳсус қабулхонадаги шароитлар ўрганилди.

Мониторинг ташрифлари чоғида ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароити, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга жалб этиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар учун мўлжалланган хоналар ўрганилди. Шунингдек, камералар ва биноларнинг санитария ҳолати, видеокузатув тизимлари ҳамда “Омбудсман қутилари” кўздан кечирилди.

Навоий шаҳридаги ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ўтказилган мониторингда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда улар учун яратилган шароитлар бўйича қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, ахборот билан таъминлаш, маиший шароитлар, мурожаатларни қайд этиш ҳамда сайрга олиб чиқиш тартибини ташкил этишга доир талаблар тўлиқ таъминланмагани қайд этилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тегишли идорага Омбудсман тақдимномаси киритилди.

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Наркология ва Психиатрия хизматлари бўйича Навоий вилояти филиалларида ўтказилган ўрганишда стационарда санитария-гигиена талабларига риоя этилгани, дори-дармонлар билан таъминлангани ҳамда беморлар учун зарур шароитлар яратилгани аниқланди.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Ушбу мониторинг ташрифлари давомида “Омбудсман қути”ларидаги мурожаатлар ўрганиш учун олиб кетилди. 5- ва 11-сонли жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар билан жамоавий учрашувлар ўтказилиб, ҳоли тарзда қабул сўраган маҳкумлар мурожаатлари қабул қилинди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати