Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент вилоятидаги бир қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Нурафшон шаҳри, Тошкент тумани ва Чирчиқ шаҳри ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ), Тошкент, Чирчиқ ва Бўка туманларидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари (ҳушёрхона), Бўстонлиқ туманидаги 7-сонли жазони ижро этиш колонияси, Чирчиқ шаҳридаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасаси, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Сергели, Янги Ҳаёт, Оҳангарон, Юқори-Чирчиқ, Зангиота, Бўка туманларидаги 42-, 50-, 49-, 44-, 48-, 47-, 43 ва 46-сон манзил-колониялари ҳамда шартнома объектлари шунингдек, Зангиота туманидаги 24-сон тарбия колонияси, Нурафшон шаҳрида жойлашган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига, Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонага мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифлари давомида муассасалардаги ётоқ жойлар, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хоналари, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шарт-шароитлар, шунингдек, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати алоҳида кўздан кечирилди.

Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, 43 ва 46-сонли манзил-колонияларнинг интизомий бўлинмалари, Нурафшон шаҳар ВСҲ, Тошкент тумани ВСҲ ҳамда Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси таркибидаги ҳушёрхона таъмир талаб ҳолатга келгани аниқланди.

46-сонли манзил-колонияси интизомий бўлинмасида, Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги ҳушёрхоналарда иссиқлик тизими билан боғлиқ камчилик кузатилди.

Шунингдек, Нурафшон шаҳрида жойлашган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказидаги ҳарорат етарли даражада эмаслиги, вентиляция ва ётоқ жойларида санитария-гигиена талаблари бузилгани маълум бўлди.

Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси таркибидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктида тиббиёт хонасидаги юмшоқ инвентарлар (матраслар) яроқсиз ҳолга келгани, шунингдек, шахслар ётадиган хоналарда эшиклар мавжуд эмаслиги, фақат темир панжаралар ўрнатилгани аниқланди.

Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати