Ташриф давомида талабалар Омбудсманнинг устувор фаолият йўналишлари, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда олиб бориладиган мониторинг ташрифлари, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими” ҳамда “Шаҳсий эркинлик ва даҳлсизлик ҳуқуқи” ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Шунингдек, талабалар учун Девон биноси бўйлаб экскурция уюштирилди. Унда улар мурожаатлар билан ишлаш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш ҳамда мониторинг ва таҳлил йўналишларидаги бўлимларнинг иш жараёни ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Учрашув давомида Омбудсман ҳузурида ташкил этилган “Омбудсман клуби” фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот тақдим этилди. Мазкур клуб аъзолари дарсдан бўш вақтларида Омбудсман Девонида ўз назарий билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалий кўникма ва тажриба орттириш имконига эга эканликлари таъкидланди.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида мазкур институтнинг ўрни ва фаолияти ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлдилар.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






