Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари мурожаатларни жойига чиқиб ўрганмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро, Андижон, Сирдарё, Сурхондарё, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги минтақавий вакиллари томонидан фуқаролар мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилди.

Мурожаатлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳолатлар жойида таҳлил қилинди. Ушбу мурожаатларда йўл қуриш ва таъмирлаш, меҳнат муносабатлари, ижтимоий ёрдам ажратиш, электр энергияси таъминоти каби масалалар кўтарилган.

Ўрганиш жараёнида мурожаатчилар билан бевосита мулоқот ўтказилиб, масъул ташкилотларга қонунчилик талаблари доирасида тегишли чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди. Айрим ҳолатлар бўйича масалаларни жойида ҳал этиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, маҳкум ва маҳбусларнинг яқин қариндошлари ва адвокатлари мурожаатлари асосида Бухоро, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар билан ҳоли тарзда учрашилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларининг Халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Вилоятлар Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар режаларига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини вилоят, шаҳар ва туман депутатлари ҳамда Сенат аъзолари, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган холда жойларга чиқиб ўрганиш ҳамда хал этиш чораларини кўриш кўзда тутилган. 

Омбудсман институти мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш амалиёти орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларни давом эттиради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати