Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
20 февраль — Халқаро ижтимоий адолат куни
2007 йилда БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 20 февраль — Халқаро ижтимоий адолат куни деб эълон қилинган ва ушбу сана 2009 йилдан буён дунё миқёсида нишонланиб келинмоқда.

Ижтимоий адолат — бу ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалда ҳимоя қилиниши, муносиб меҳнат шароити, тенг имкониятлар яратилиши ҳамда камситишга йўл қўймаслик тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилишидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз ижтимоий давлат сифатида белгиланган. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини англатади.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни яхшилаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат муносабатларини таъминлаш ҳамда камситишнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2026 йилда ижтимоий адолатни маҳаллалардан бошлаб таъминлаш, аҳолига энг қуйи қатламдаёқ манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Ушбу йўналишда Омбудсман, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида 2025 йилда ижтимоий адолатни амалда таъминлашга қаратилган қатор муҳим амалий ишлар қилинди.

Фарғона вилоятида зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва болалар учун марказ барпо этилиб, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш имкониятлари яратилди. Лойиҳа доирасида шунингдек ходимлар ва фуқаролик жамияти институтлари малакасини оширишга қаратилган қатор семинар–тренинглар ташкил этилди, қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш, жамиятда мавжуд масалаларни тизимли ҳал этиш борасида фаолият юритмоқда. “Тенглик ва ҳурмат” ҳамда “Омбудсман мактаби” платформалари орқали аҳоли билан очиқ мулоқот қилиниб, мурожаатлари тингланмоқда ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Ижтимоий адолатни таъминлаш — бу фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Бир нарса аниқ: бу йўлда барчамиз бирлашишимиз, бефарқ бўлмаслигимиз зарур. Бугунги сана жамиятда адолат ва тенгликни таъминлаш борасидаги масъулиятимизни яна бир бор англашга чорлайди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати