Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғонада фуқаролар мурожаати ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ижобий ҳал этилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Фарғона вилояти Риштон тумани, Янгийўл маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан жамоавий мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда мазкур ҳудудда яшовчи болалар мактабга қатнаш учун Тошкент–Фарғона магистрал йўли орқали юришга мажбур бўлаётгани, ушбу йўлда пиёдалар учун махсус йўлак мавжуд эмаслиги қайд этилган. Шу сабабли фуқаролар ҳудудда жойлашган Фарғона вилояти 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасининг ўралган чекка девор қисмидан маҳалла болалари учун хавфсиз ўтиш йўлини очишда амалий ёрдам сўраганлар.

Мурожаат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Риштон тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилди. Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳолат атрофлича таҳлил қилинди.

Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакилининг Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши билан ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини вилоят, шаҳар ва туман депутатлари ҳамда Сенат аъзолари, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган холда жойларга чиқиб ўрганиш ҳамда хал этиш чораларини кўриш кўзда тутилган. 

Ўрганиш якунларига кўра, маҳалла ҳудудидан мактаб биносигача бўлган 720 метр масофада янги йўл қуриш ишлари бошланди. Лойиҳани амалга ошириш учун туманнинг тегишли идора ва қурилиш ташкилотлари жалб этилди.

Ҳозирда йўлни текислаш ишлари олиб борилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати