Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг маҳбуслар ҳуқуқларига оид қонунчилик таклифи қабул қилинди
2026 йилнинг 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси учинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар учун амалдаги айрим тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқиш, уларнинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим нормалар назарда тутилди.

Хусусан, тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган шахсларга дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида камида икки соат сайр қилиш имкониятини бериш, ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энг зарур буюмларни харид қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача бўлган суммада маблағ сарфлаш ҳуқуқини белгилаш, шунингдек дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида кийим-бош ва пойабзал олиш назарда тутилган.

Ушбу қонунчилик таклифи қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан киритилган. Лойиҳа Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтказилган мониторинг ташрифлари, шунингдек, маҳбуслар ва уларнинг яқинларидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида ишлаб чиқилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати