Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда 2026 йилнинг 7 январь куни Қашқадарё вилояти “Косон” 10-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкум Ғ.М.нинг соғлиғи ва унга нисбатан муносабат билан боғлиқ хабар эълон қилинди. Мазкур ҳолат дарҳол Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олиниб, шу куни унинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш доирасида маҳкум билан бевосита суҳбат ўтказилди, унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилди.

Тиббий маълумотларга ва маҳкум Ғ.М.нинг сўзларига кўра, маҳкум Ғ.М. 2023 йилда, яъни муассасага келишидан аввал миокард инфаркти ўтказган, юрак тож томирларини стентлаш амалиётидан ўтган, шунингдек, бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ҳолатини бошидан кечирган. Унда юрак ишемик касаллиги, инфарктдан кейинги кардиосклероз, гипертония касаллиги ҳамда бошқа сурункали касалликлар мавжуд.

Маҳкум Ғ.М.да 2-гуруҳ ногиронлиги мавжуд ва тиббий кўрсатмаларга асосан у 2024 йил 17 октябрдан - 7 ноябргача, 2025 йилнинг 15 февралидан 11 мартигача, 27 мартидан 9 июлигача, 5 сентябридан 1 октябригача ва 29 октябридан 26 ноябригача 23-сонли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонада белгиланган тартибда стационар даволанган.

Шунингдек, маҳкум Ғ.М.нинг сўзларига кўра у муассасада меҳнатга жалб қилинмаган, шифокор хулосаларига мувофиқ диспансер ҳисобида туриб, индивидуал соғломлаштириш режаси асосида доимий тиббий назоратга олинган.

Маҳкум Ғ.М. муассаса масъул ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича Омбудсман номига мурожаат қилган ва мурожаатида кўрсатилган ҳолатлар бўйича Омбудсман томонидан Бош прокуратурага тегишли тартибда талабнома киритилди.

Омбудсман мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)Ахборот хизмати