Сайёр қабул давомида Россия Федерациясида жойлашган “Иқтисод олий мактаби” миллий тадқиқот университетида (НИУ ВШЭ) таҳсил олаётган 31 нафар ўзбекистонлик талабанинг мурожаати ҳам қабул қилинди. Маълум бўлишича, университет маъмурияти томонидан талабаларнинг миграция ҳисобига туриш узайтирилиши қоидалари тўғрисида ваколатли органларга ўз вақтида маълумот берилмаган. Оқибатда талабалар Россия Федерацияси ҳудудида 90 кундан ортиқ қолиб кетган ва миграция қоидалари бузилган деб баҳоланиб, талабаларнинг хабарига кўра, 40 минг рубль миқдорида жарима маъмурий жазоси тўлаши талаб қилинган.
Ушбу ҳолат Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан назоратга олиниб, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати билан ҳамкорликда текширув ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, чет эллик талабаларнинг вақтинча туриш муддатларини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларига ушбу талабаларга нисбатан жарима солиш ёки Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий чиқариб юбориш каби маъмурий жазо чораларини истисно тариқасида қўлламаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Энг аҳамиятлиси ушбу ҳолатга ўз вақтида ҳал этилмаганида талабалар Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилиши мумкин эди.
Ушбу иш ортидан нафақат Ўзбекистон талабаларининг, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова, Беларус давлатларидан келиб таьлим олаётган 200 дан ортиқ талабаларининг ҳам муаммолари ижобий ечим топди.
Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Омбудсманга йўллаган хатида талабалар кўтарган мазкур масала ижобий ҳал этилганлигини маълум қилиб, Омбудсманлар ўртасидаги ҳамкорлик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий натижалар бераётганини қайд этган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






