Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухородаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидаги шароитлар ўрганилди
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида мониторинг ўтказди. Мазкур марказ “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги қарори асосида фаолият юритади.

Марказнинг асосий вазифалари – уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган назоратсиз ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож вояга етмаганларни кеча-кундуз қабул қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, такроран ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик учун индивидуал профилактик ишларни амалга оширишдан иборат. Шунингдек, марказ болани қаровсизликка олиб келган сабаб ва шароитларни ўрганиб, бу ҳақда тегишли идораларга хабар беради. Зарур ҳолларда болалар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилади.

Мониторинг пайтида марказда 6 нафар вояга етмаганлар сақланаётгани маълум бўлди. Минтақавий вакил болаларнинг таълимга қайтиши, ижтимоий мослашуви, психологик қўллаб-қувватланиши бўйича амалий ишлар билан танишди. Шу билан бирга, назоратсиз қолиш хавфи мавжуд бўлган болалар билан тизимли ишлашни кучайтириш, марказдан чиққан вояга етмаганларнинг кейинги тақдири устидан ижтимоий кузатувни таъминлаш, психологик хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга, жумладан, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида мониторинг ташрифларини амалга оширади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати