Анжуманда Туркия, Босния ва Герцеговина, Италия, Озарбайжон, Қатар, Хитой, Македония ва бошқа давлатлар омбудсманлари ҳам иштирок этиб, институтнинг мустақиллик кафолатлари, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиёти ҳамда рақамли даврдаги янги чақириқлар ҳақида фикр алмашишди.
Халқаро анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Б.Наримонов иштирокчиларни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу жараёнда Омбудсман институтининг роли ҳақида таништирди.
Сербия Фуқаролар ҳимоячиси институти (Protector of Citizens) 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, мустақил орган сифатида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб келмоқда.
2023 йилда Ўзбекистон ва Сербия Омбудсманлари ўртасида икки томонлама меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат доирасида мурожаатлар билан ишлаш ва ходимлар малакасини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






