Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Латвия делегацияси аъзолари билан учрашди
2025 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гиртс Яунземс ҳамда “NGO ENJOY” нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашди.

Суҳбат давомида мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланганларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Элчи Гиртс Яунземс томонидан Ўзбекистон ва Латвия кўп томонлама муносабатлари ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қисқа давр мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳамда давлат томонидан кўрилаётган чоралар эътироф этилди.

Учрашувда шунингдек, Омбудсман ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида реабилитация марказларида зўравонликдан жабр кўрган аёлларга психологик, ҳуқуқий ва манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинаётгани қайд этилди. Маълумот учун, шу йилнинг октябрь ойи охирида Фарғона вилоятида Омбудсман, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Меҳржон” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида янги “шельтер” ишга туширилган бўлиб, унда зўравонликдан жабр кўрганларга вақтинча яшаш жойи, психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятлари яратилган.

“NGO ENJOY” вакиллари томонидан ҳам келгусида бу йўналишда қўшма лойиҳалар ва тажриба алмашиш имкониятлари юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, Латвиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли тузилмалари ва Омбудсман ўртасида келгуси ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Oliy Majlisning Inson huquqlari bo‘yicha vakili (ombudsman) Axborot xizmati.