Ташрифнинг дастлабки кунида Омбудсман Москва шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасида мамлакатимиз фуқаролари билан учрашди. Қайд этиш лозимки мазкур учрашув фуқароларимиз дуч келаётган муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова ва унинг жамоаси, шунингдек, Россиянинг Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ташқи меҳнат миграцияси, рухсатномалар ва визалар билан ишлаш департаменти вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий ва ижтимоий йўналишларда, жумладан, вақтинча ишлаш учун келган шахслар фаолияти, меҳнат шартлари, рўйхатдан ўтиш (прописка), мактаб таълими каби соҳаларда дуч келаётган масалалар бўйича фикр алмашдилар.
Суҳбат чоғида фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш бўйича ҳамкорлар билан аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда уларнинг ечимига киришилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон ва Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролар мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш, қўшма мониторинглар ўтказиш, мигрантлар ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган йўналишлар белгиланган бўлиб, ушбу учрашув ҳам айнан “Йўл харитаси”да назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати