Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга Хоразмдан қандай масалаларда мурожаат юборилган?
2025 йил 16 октябрь куни Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 45-сонли “Шодлик” маданият марказида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда туманнинг “Қорамози”, “Гулистон”, “Истиқлол”, “Пахтагул”, “Илғор”, “Дўстлик”, “Янги турмуш”, “Ойдин ҳаёт”, “Ширин”, “Баркамоллик”, “Фидойилар”, “Ватанпарвар”, “Жаннатмакон”, “Дургадик”, “Олчин”, “Наврўз”, “Тома”, “Моштўғай”, “Таянч”, “Паҳлавонлар”, “Гулғунча”, “Нурафшон”, “Маданият”, “Знахос”, “Ғайрат”, “Мустақиллик”, “Катта куч”, “Нуробод”, “Порлоқ”, “Янгиланиш”, “Аҳиллик”, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Маданий ер”, “Дўрмон”, “Обод”, “Туркистон”, “Ёш куч”, “Мангулик”, “Эҳтиром” ва “Муқаддас” маҳаллаларидан 350 нафардан ортиқ фуқаролар қатнашдилар.

Қайд этиш лозимки, мазкур тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) номига Хонқа туманида яшовчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида ташкил этилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳудудда аҳоли ҳуқуқий хабардорлиги, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, ер муносабатларидаги ҳуқуқий масалалар, кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарлик каби мавзулар долзарб ҳисобланади. Шу боис тадбир доирасида ушбу йўналишлардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли идора ва ташкилотлар мутахассислари томонидан тушунтиришлар берилди.

Фуқароларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, киберхавфсизлик, пластик карталардан пулларни ноқонуний ўзлаштиришдан ҳимояланиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Барча маърузалар аҳолига содда тилда, ҳаётий мисоллар орқали етказилди.

Шунингдек, тадбир доирасида аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада иш таклиф қилувчи ташкилотлар томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, мини технологиялар, тижорат кредитлари ва бошқа имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Очиқ мулоқотда Омбудсманнинг ўринбосари, Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили, Омбудсман Девони ходимлари ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, фуқаролар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар бердилар.

Тадбир якунида мурожаатларда кўтарилган бошқа масалалар юзасидан ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида фуқаролар қабули ўтказилиб, улар мурожаатлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати