Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мактабларда “Омбудсман соати” дарслари янги ўқув йилида давом этмоқда
Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Омбудсман соати” лойиҳаси доирасидаги дарслар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Лойиҳа ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги билимлар билан таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Янги ўқув йилидан буён “Омбудсман соати” машғулотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил давом этмоқда. Бу давр мобайнида жами 1175 нафар ўқувчи қамраб олинди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманидаги 1 ва 4-сонли умумий ўрта таълим мактабларида, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги 1 ва 11-сонли умумий ўрта таълим мактабларида, Бухоро шаҳридаги 9 ва 10-сонли умумий ўрта таълим мактабларида, Фарғона вилояти Фарғона туманидаги 3 ва 24-сонли умумий ўрта таълим мактабларида, Сирдарё вилояти Мирзаобод ва Боёвут туманлари ҳамда Ширин шаҳридаги 16, 4 ва 7-сонли умумий ўрта таълим мактабларида, Қашқадарё вилояти Муборак, Қамаши ва Қарши туманларидаги 6, 1, 2 ва 66-сонли мактаб ҳамда Политехникумда, Самарқанд вилоятининг 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 3-сонли мактабда, шунингдек, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида дарслар ташкил этилди.

Эркин мулоқот шаклида ўтган дарсларда юқори синф ўқувчиларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, рақамли дунёда хавфсизлик, киберхавфсизлик, тенглик ва масъулият тушунчалари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги боғлиқлик ҳақида видеоматериаллар ёрдамида интерактив тарзда фикр алмашилди.

Омбудсман Девони ҳамда ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан ўтказилган амалий машғулотлар ўзаро савол-жавоб ва қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати