Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Огоҳ бўлинг: фирибгарлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар номидан алдамоқда – Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаро М.П. ўзининг эҳтиётсизлиги ва соддалиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлгани юзасидан мурожаат қилган эди.

Фуқаро М.П. ўз мурожаатида, 2024 йил декабрь ойида ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими деб таништирган шахслар таъсирида криптовалюта орқали 170 000 АҚШ долларини ўтказиб юборганини билдирган. Шу мақсадда у автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларини йўқотган, ҳатто қарзга кирган.

Фуқаро М.П. 2024 йил декабрида Киберхавфсизлик марказига расмий тарзда мурожаат қилиб, жиноий иш қўзғатилган ва у жабрланувчи сифатида тан олинган.

Омбудсман шикоятда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Мурожаат ҳамкорликда ўрганилиши натижасида Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан Криптодўкондан фуқаро М.П. фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилди.

Омбудсманга фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушади, аммо уларнинг катта қисмида маблағларни қайтариш имкони бўлмайди. Бу эса бундай ҳолатларга алданмаслик ва олдиндан огоҳ бўлишни тақозо этади.

Шу муносабат билан, Омбудсман фуқароларни қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишга чақириб қолади:

• Ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган, аммо шахсий рақамлар орқали қўнғироқ қилаётган, тўлов ёки маълумот сўраётган шахсларга ишонманг;

• Телефон орқали паспорт ёки ID-карта, пластик карта, PIN-код, SMS-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг;

• Сиз танимаган шахслар криптовалюта орқали тўлов қилишга ундаса, бу ҳолатни дарҳол тўхтатинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг;

• Давлат органлари, идора ва ташкилотлар ўз фаолиятини фақат расмий каналлар орқали амалга оширади. Шубҳали ҳолатларда тегишли идоранинг ишончли рақамлари орқали тасдиқ олинг.

Омбудсман фуқароларни авваламбор ҳуқуқий хабардор ва огоҳ бўлишга чақиради.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати