Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ўзгаришларга қарамасдан, ижтимоий тармоқларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари мавжуд ҳамда Омбудсманга ҳам шу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил давомида Омбудсман томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 409 таси ва 2025 йил 7 ойи давомида 158 таси хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, шахсий ҳаётга аралашиш ҳамда оилада аёлнинг таҳқирланиши масалаларида келиб тушган.
Шу нуқтаи назардан, Омбудсман томонидан хотин-қизларга нисбатан зўравонликларнинг барча кўринишидаги ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши мақсад қилиниб, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ташкил этилди.
“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасидаги биринчи мобил “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Андижон вилояти ҳудудий марказида ўтказилди.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Андижон вилояти ҳудудий марказида ҳозирда 7 нафар аёл ва уларнинг 8 нафар фарзанди яшамоқда. Уларнинг баъзилари 1 ой аввал, бошқалари эса 6 ойдан буён ушбу марказда даволаниб, касб ўрганишмоқда. Уларнинг айримлари даромад топаётганини ҳам билдирди.
Омбудсман бошчилигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Андижон вилояти кенгаши депутатлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси масъуллари ҳамда ННТ вакиллари аёллар билан суҳбатлашишди.
Жағ суягим синган ҳолатда келганман бу марказга, — дейди аёллардан бири. — Бу ерда шароитлар яхши, касб ўргатадиган устозларимиз бор. Муҳими, фарзандларим ўзим билан. Авваллари бундай марказ борлигини билмаганман. Ҳозир касб ўрганиб, даромад топиш йўлларини билиб, анча ўзимга ишончим ортди. Бундан кейин зўравонликларга чидаб яшамайман.
Яна бир аёл эса қуйидагиларни сўзлаб берди: — Кўп маротаба ўзимни ўлдиришга уринганман. Лекин фарзандларим нима бўлади деган хавотир мени доим фикримдан қайтарган. Ота-онам эрта оламдан ўтган. Мени ҳимоя қиладиган яқинларим йўқлиги учун ҳам зўравонликларга кўниб яшашимга тўғри келган.
Суҳбат давомида уларнинг таълим олиш, ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, уй сотиб олиш борасидаги имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Баъзи аёллар Омбудсманга якка тартибда мурожаатларини йўллашди.
Таъкидлаш жоизки, “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳаси нафақат жабрдийда аёлларни қўллаб-қувватлаш, балки зўравон билан ишлаш механизмларини ҳам кучайтиришни мақсад қилган.
Шунингдек, психолог ҳам ушбу аёллар билан ишлаб, бир нечта руҳан даволовчи муолажалар ўтказди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати