Қайд этиш лозимки, Омбудсман томонидан киритилган таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатларнинг ижроси бўйича тақдим этилган маълумотлар, кейинги мониторингда қайта текширилади.
Куни кеча Омбудсманнинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили ушбу шифохонага қайта мониторинг ўтказди. Аниқланишича, Омбудсман тақдимномасида келтирилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида шифохонага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Лаборатория, физиотерапия кабинетига тиббий жиҳозлар ва рентген аппаратлари берилган. Шунингдек, 2025 йилга назорат ўтиш пункти ва козонхонани таъмирлаш учун 1 млрд 300 млн сўм маблағ ҳамда юмшоқ жиҳоз ва кийим-кечаклар учун 371 млн сўм ажратилгани маълум бўлди.
Фактлар текширилгач, муассасадаги беморларга яратилган яшаш ва овқатланиш шароитлари ва дори-дармон таъминоти ўрганилди. Ташриф давомида 2014 йил 2 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Психиатрия даволаш муассасасида мажбурий даволашда бўлган беморларнинг овқатланиш ва ашёвий таъминоти меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг овқатланишга оид талаблари бузилгани аниқланди.
Шунингдек, мажбурий даволаниш ўтаётган айрим беморларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланди ва тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати