31 июль куни ўтказилган мониторинг доирасида 6-сон жазони ижро этиш колонияси, Наманган вилояти вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ), Чуст туман ВСҲ ҳамда вилоят маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхонада сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Ташриф чоғида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, адвокатлар билан учрашув ва тергов хоналаридаги шароитлар ўрганилди.
1 август куни эса 6-сон тергов ҳибсхонаси, Тўрақўрғон туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатувчи туманлараро пункти ҳамда Тўрақўрғон туманида жойлашган вилоят Руҳий асаб-касалликлар шифохонасидаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Қайд этиш лозимки, мониторинг давомида 6-сон тергов ҳибсхонаси ҳудудида 150 ўринга мўлжалланган, замонавий талабларга жавоб берадиган янги бино қурилгани ва унда шахслар учун муносиб шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди. Тергов ҳибсхоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида белгиланган нормадан ортиқ шахслар сақланаётган айрим ҳолатлар кузатилаётган бир пайтда, бундай инфратузилмавий янгиланиш инсон ҳуқуқларини таъминлашда, шунингдек, инсон қадрини асрашда муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят Руҳий асаб-касалликлари шифохонасидаги ўрганишларда беморларнинг яшаш ва даволаниш шароитлари, тиббий хизмат сифати, санитария-гигиена ҳолати ҳамда дори-дармон билан таъминланиш масалалари ўрганилди. Шунингдек, беморлар ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатлар ташкил этилди.
Шунингдек, мониторинглар давомида “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар қабул қилинди, айрим муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари бевосита эшитилди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати