Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олмазор туманида аёлнинг узоқ муддат ҳибсда сақланаётгани бўйича тарқалган хабарга Омбудсман муносабати
2025 йил 14 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Олмазорда аёл камида 80 кундан бери асоссиз ҳибсда ўтирибди” сарлавҳаси остида хабар тарқалди. Унда фуқаро Н.Давранова Тошкент шаҳар Олмазор туман прокуратураси ва ички ишлар органлари томонидан узоқ муддат ҳибсда сақланаётгани қайд этилган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) назоратига олиниб, ишга оид ҳужжатлар ўрганилган.

ИИВ томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, фуқаро Н.Давранова 2024 йил 26 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик оғир оқибатларга олиб келган ҳолатда) бўйича айбдор деб топилган ва унга нисбатан 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, у бошқа жиноят иши доирасида ҳам айбланувчи сифатида тергов қилинмоқда. Шунингдек, фуқаро Н.Даврановага оид бошқа жиноят ишлари ҳам тегишли судлар томонидан кўриб чиқилаётганлиги сабабли, у ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жиноят-ижроия департаменти Марказий тергов ҳибсхонасида сақланаётгани маълум қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ ўрганиш ўтказилиши ва ходимларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши учун Н.Давранованинг мурожаати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири — фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат. 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ахборот майдонида тарқатилаётган ҳар қандай маълумот аниқ манбага асосланган, холис ва тўлиқ бўлиши шарт. Ахборотни қисман ёритиш ёки унинг муҳим жиҳатларини яширишга уринишлар жамоатчиликни чалғитиши, нотўғри хулосалар ва ижтимоий тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин.Шунинг учун барча ахборот тарқатувчиларга — воқеа-ҳодисаларни ёритишда аниқлик ва холислик тамойилига риоя этиш мақсадга мувофиқ.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати