Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Фарғонадаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди
2025 йилнинг 4-5 июнь кунлари Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Фарғонадаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Дастлаб, Фарғона шаҳрида жойлашган 10-сон тергов ҳибсхонасига ташриф буюрилди. Ўрганиш жараёнида қамоққа олинган айбланувчи ва судланувчиларнинг сақлаш шароитлари, тергов ва адвокатлар хонаси, қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими, ошхона ва омборхоналар ҳолати ҳамда уларнинг яшаш жойлари ўрганилди.

Мониторинг доирасида мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, вояга етмаган маҳбуслар билан ҳам суҳбатлашилиб, улар мурожаатлари қабул қилинди.

Кейинги манзил, Фарғона вилояти ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона бўлди. Маъмурий қамоққа олинганларни Махсус қабулхонага қабул қилиш чоғида тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда қамоққа олинган шахслар ҳақида маълумот унинг қариндошларига телефон орқали дарҳол хабар қилиш йўлга қўйилган. Мониторинг ташрифида махсус қабулхонада сақланаётганлар учун сайрга чиқиш жойлари, уларнинг шахсий буюмларини сақлаш ва қайтариб бериш, тиббий хизматдан фойдаланиш хоналари ҳамда ошхона ва кунлик меню кўздан кечирилди.

Фарғона вилоятига ташкил этилган мониторинг ташрифлари доирасида Фарғона, Қўқон, Ўзбекистон, Қува туман ва шаҳарларида жойлашган вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, вилоят руҳий-асаб касалликлар диспансери, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилоят филиали, Ўзбекистон туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи ҳамда Доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун реабилитация марказидаги шароитлар ҳам ўрганилди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати