Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Таҳлил ва очиқ мулоқот: Сурхондарёда аҳоли мурожаатлари асосида “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан 2024 йил давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, энг кўп мурожаатлар юборилган учта ҳудуддан бири — Сурхондарё вилояти ҳисобланади. Жумладан, ушбу ҳудуддан 2117 та мурожаат келиб тушган бўлиб, энг кўп мурожаатлар яъни 308 таси Денов тумани фуқаролари томонидан йўлланган. Уларда асосан турар жой, коммунал хизматлар, ёшлар ва аёллар бандлиги, мулкий низолар ва фирибгарлик ҳолатлари кўтарилган.

Ана шу таҳлиллар асосида 2025 йил 5 май куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида навбатдаги “Омбудсман мактаби” тадбири ташкил этилди.

Ушбу тадбир фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалаларни жойида ўрганиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш орқали мурожаатлар сонини камайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Меҳр-оқибат”, “Тўпаланг”, “Зарафшон”, “Ўрикзор”, “Бобир”, “Чўнтош”, “Озод”, “Гулистон”, “Лолазор” ва “Боғинав” маҳаллаларидан жами 250 нафар фуқаро иштирок этган очиқ мулоқотда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, уй-жой билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби мавзуларда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар чоғида Омбудсманга юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати