Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман қутиси”нинг ноқонуний очилиши ҳолати текширилди
Ижтимоий тармоқларда Зангиота туманидаги 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида “Омбудсман қутиси” вилоят прокурори ўринбосари ва колония маъмурияти томонидан ноқонуний равишда очилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу хабар маҳкумларнинг Омбудсманга эркин ва ишончли мурожаат этиш ҳуқуқини чеклашга оид экани нуқтаи назаридан ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ҳар томонлама ўрганилди.

Қайд этиш лозимки, мазкур колониядаги “Омбудсман қути”лари бир ой муқаддам Омбудсман Девони ходимлари томонидан текширилиб, мурожаатлар қабул қилиб олинган эди.

Омбудсман ходимлари ҳамда “Юксалиш” харакати вакили томонидан ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда, “Омбудсман қути”ларига қуйилган қўрғошин мухрлари бузилмагани ҳамда қутилар очилмагани аниқланди. Бу эса, қутиларга ташқи аралашув бўлмаганини тасдиқлайди. Қутилар кўрилиб мухри бузилмаганлиги юзасидан Омбудсман Девони ходимлари, “Юксалиш” харакати вакили ҳамда колония рахбари ва ходимлари иштирокида далолатнома тузилди.

Шунингдек, қутидан маҳкум М.Махсудовнинг ҳам Омбудсманга йўллаган мурожаати қабул қилинди ва назоратга олинди.

Маълумот учун: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда Омбудсманга мурожаатлар қутиси ўрнатилади.  Омбудсман қутиси фақат Омбудсман ёки унинг Девони ходимлари томонидан бир ойда камида бир марта очилади.

Қайд этиш лозимки, маҳкумларни Омбудсманга “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида ҳам белгиланган. Шу боис, Омбудсман қутисига ҳар қандай ноқонуний аралашув ҳолатлари қаттиқ назорат қилиниши ва бундай ҳолатлар юзага келганда, қонуний чоралар кўрилиши маълум қилинади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати