Тўпланган маълумотларга кўра, 11 февраль куни тахминан соат 16:10 да маҳкум М.Т. колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Деворни бузиш жараёнида эҳтиётсизлик сабабли унинг бир қисми маҳкум устига қулаган, натижада оғир тан жароҳати олган.
Колония шифокорлари маҳкумга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиб, уни Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасининг “Қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари” марказига олиб боришган. Маҳкумга кўп сонли травма, бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, травматик шок III-босқич, геморрагик шок III-босқич, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган.
Шифохонада маҳкумга жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни соат 17:00 да вафот этган.
Ушбу ҳолат Омбудсман Девони ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, уларга таъзия билдирди. Марҳумнинг отаси Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида 5 кун давомида ўғлининг ёнида бўлган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ходимлар хатти-ҳаракатига баҳо бериш бўйича хизмат текшируви ҳам тайинланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат юборилди.
Омбудсман мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати