Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ваъдага ишонган фуқаро Омбудсманга мурожаат қилди: мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро салкам 7 йилдан буён бошпанасиз қолгани бўйича қурилиш корхонаси устидан шикоят қилди.

Унга кўра, 2018 йилда мурожаатчи яшайдиган кўп қаватли уй “снос”га тушган ва қурилиш фирмаси томонидан фуқарога 1 йил мобайнида 2 хонали уй ажратилиши бўйича кафолат хати ҳам тақдим этилган. Лекин шартномада кўрсатилган кўп қаватли уй қуриб битказилган бўлсада, мурожаатчига тадбиркор томонидан ваъда қилинган уй шу кунга қадар ажратилмаган. 2022 йилда фуқарога ажратилган хонадон бошқа шахсга сотиб юборилган. Натижада фуқаро оиласи билан бошпанасиз қолган. Унинг тегишли давлат ташкилотларига қайта-қайта қилган мурожаати ҳам ҳеч қандай натижа бермаган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат унинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан ўрганилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, зарур таъсир чоралари тайёрланмоқда.

Шунингдек, Омбудсманнинг Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги минтақавий вакиллари ҳам шахсий ва иқтисодий ҳуқуқларининг бузилиши бўйича йўлланган мурожаатларни жойига чиқиб ўрганишди.

Таъкидлаш лозимки, мурожаатларда кўтарилган масалалар бўйича етарли маълумотлар келтирилмаган ва аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд бўлганида жойига чиқиб ўрганишлар ташкил этилади.

Мазкур шикоятларнинг айримлари масала ўрганилаётган жойнинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича зарур ҳужжатлар тўпланмоқда ва ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича тегишли таъсир ҳужжати тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Қонуннинг 10 моддасига кўра, Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати