Маълум бўлишича, хабарда қайд этилган маҳкум Ғ.Б. Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган ва тайинланган жазони ўташ учун жорий йилнинг август ойидан Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги 10-сон Жазони ижро этиш колониясига этап орқали келтирилган.
Ўрганиш давомида, маҳкум Ғ.Б. билан хабарда қайд этилган ҳолатлар юзасидан ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди.
Суҳбат давомида, маҳкум Ғ.Б. колонияда жазо ўтаётган бошқа маҳкумлар ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан тазйиқ ёки босим бўлмаётганлигини айтиб, интернетда тарқалган хабарлардан хабари йўқлигини баён қилди. Шунингдек ётоқ жойлари иссиқ эканлигини ва озиқ-овқат билан таъминланаётганлигини, соғлиғида ҳам муаммо йўқлигини, кийим-бош ажратилганлигини маълум қилди.
Маҳкум Ғ.Б.нинг танаси кўздан кечирилганида унда тан жароҳати ва қўлининг билак қисмида қўл кишани излари аниқланмади. Шундай бўлсада, суд-тиббий экспертиза текшируви ўтказилиши тайинланди. Эслатиб ўтамиз, хабар эълон қилинган куннинг эртаси куни ўрганилган.
Мониторинг ташрифи давомида маҳкум Ғ.Б. билан бирга жазо ўтаётган 50 га яқин маҳкумлар билан жамоавий ва 12 нафар маҳкум билан ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар давомида, маҳкумлардан шикоятлар келиб тушмади.
Шунингдек, маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувга келган яқин қариндошлари билан суҳбатлашилди. Суҳбатларда улар томонидан ҳам шикоятлар келиб тушмади.
Колония маъмурий биносида адвокатлар учун битта учрашув хонаси ажратилганлиги ва ушбу хонада видео ва аудио ёзув мосламалари ўрнатилмаганлиги аниқланди.
Хабарни тўлиқ ўрганиш мақсадида, колония раҳбарияти билан суҳбатлашилганида, улар ҳақиқатдан ҳам маҳкум Ғ.Б.нинг ҳимоячиси билан телефон орқали суҳбатлашганликларини, суҳбат давомида адвокатлик гувоҳномаси ва рухсатномаси ҳамда ҳимоя ордери орқали ҳимояси остидаги шахс билан учрашиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилганликлари, ва зарурият бўлса адвокатлик рухсатномасини текшириб кўришлари ҳам мумкинлигини айтишганлигини маълум қилишди.
Тегишли ҳужжатлар ўрганилганида, ҳимоячи З.Комилова ҳимояси остидаги маҳкум Ғ.Б. билан 10-сонли колонияда 4 марта, хусусан, 28.10.2024 йил, 02.11.2024 йил, 09.11.2024 йил ва 30.11.2024 йил кунлари қонуний тартибда учрашганлиги, маҳкум Ғ.Б. колония тиббиёт бўлимга мурожаат қилмаганлиги ва “Астма” касаллиги бўйича рўйхатда турмаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, мурожаатда кўтарилган маҳкумни колониядан турмага ўтказиш масаласи Жиноят-ижроия ва Жиноят-процессуал кодексларига кўра, жазони ўташ даврида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг сақлаш шароити, яъни колониядан турмага ўтказиш йўли билан оғирлаштирилиши бевосита колония маъмурияти томонидан эмас, балки суд орқали, унинг қарори асосида амалга оширилади.
Маълумот учун: Омбудсманнинг 10-96 қисқа рақамли Ишонч телефони ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00дан 13:00гача ва 14:00дан 18:00гача мунтазам равишда ишлайди. Омбудсман Девонининг ходимлари томонидан ҳар бир қўнғироқ рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда қонуний ҳал этиш чоралари кўриб борилмоқда.
Бундан ташқари Омбудсманга ombudsman.uz сайти ҳамда Ombudsman мобил иловаси орқали электрон ҳамда Омбудсман Девони ходимларининг қабуллари ва Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари орқали тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати