Мониторинг ташрифларнинг 181 таси жазони ижро этиш колониялари, 122 таси тергов ҳибсхоналари, 128 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 59 таси Махсус қабулхоналар, 39 таси реабилитация қилиш марказлари, 56 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 52 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 46 таси “Саҳоват” ва “Мурувват” уйлари, 91 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ўтказилган.
Мониторинг ташрифлари давомида 9,5 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 4321 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларни яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 16 та талабнома, 10 та тақдимнома, 13 та хулоса ва 3 та таҳлилий ахборотлар киритилди.
Шунингдек, Омбудсман томонидан Олий Мажлис палаталарига 6 та таҳлилий маълумот тақдим этилди.
Омбудсман тавсиясига кўра, 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди. Авваллари бу ерда фақатгина эркак маҳкумлар даволанган. Мазкур касалхона терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, сил касалликлари каби 20 та бўлимга ва 2 та лабораторияга эга, шунингдек у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади.
Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган, беморларни сақлаш ва даволашда антисанитар ҳолатга келган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалидаги ошхона тўлиқ таъмирланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги Элликқалъа туманида жойлашган 2-сон республика ва руҳий асаб касалликлари диспансери биноси ва хоналари таъмирланиб, беморларнинг яқин қариндошлари билан учрашишлари учун қисқа муддатли учрашув хоналари ҳамда махсус психотерапия муолажаларини ўтказиш хоналари ташкил этилди. Шунингдек, беморларнинг овқатланиши учун зарур шароитлар яратилди.
Омбудсман тавсияси асосида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига вентиляция тизими ўрнатилиб, камералардаги шароитлар яхшиланди ҳамда чўмилиш хоналари ташкил этилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ ВСҲда ҳам маҳбуслар учун тинтув қилиш, чўмилиш хоналари ҳамда сайргоҳ ташкил этилди ва камералар барча керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Шу билан бирга масъул идоралар томонидан Жиззах шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси капитал, Самарқанд вилоятидаги ВСҲ жорий таъмирланди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилди.
Бухородаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясининг 12-биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва маҳкумлар сақланадиган камералардаги шароитлар яхшиланди.
Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмагани, даволанувчиларга кийим-кечак ва бошқа керакли жиҳозлар ажратилмагани ва бошқа аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман тавсиясига асосан режа ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 56 нафар ходимга хайфсан берилди, 2 нафар ходим жаримага тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Қолаверса, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида жойлардаги мутасадди органлар ва ташкилотларнинг вакиллари билан ҳамкорликда тиббий кўрик, сайёр қабуллар ҳамда бошқа маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда тор доирадаги олий тоифали шифокорлар жалб қилиниб, 6000 минг нафарга яқин маҳкум ва маҳбуслар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ва “Ҳунарманд” уюшмасининг Наманган вилояти бошқармаси билан биргаликда вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда. 2024-йилнинг 10 ойлигида 180 нафардан ортиқ маҳкумлар касбга ўргатилиб, уларга сертификатлар берилди.
Энди маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига тўхталамиз. Ҳисобот даврида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 2232 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 858 таси почта алоқа хизмати, 335 таси “Омбудсман қутиси”, 403 таси “pm.gov.uz” сайти, 309 таси Омбудсман ходимлари қабули, 216 таси “Ombudsman.uz” сайти ва мобил иловаси, 44 таси сайёр қабуллар, 30 таси Омбудсман қабули, 24 таси Президент қабулхонаси ва 13 таси “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.
Мурожаатларнинг тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиши натижасида 32 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 18 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди.
7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришида ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 8 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
4 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган.
Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 12 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олишда ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига кўмаклашилди.
Омбудсман номига 2024 йил 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 158 та шикоят келиб тушди.
Шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 52 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади.
62 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланилган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та хабарлар ўрганилиб, бу бўйича 14 та муносабат билдирилган. Мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 12 та талабномаси киритилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати