Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган мазкур дарсларда интерактив методлардан фойдаланилди. Ўқувчиларга ҳаётий вазиятлар мисолида ўз ҳуқуқларидан тўғри фойдаланишлари билан бирга бурчларини ҳам унутмасликлари бўйича видеороликлар намойиш этилди. Бу эса ёшларга мавзу янада тушунарлироқ бўлишига хизмат қилди. Шунингдек, ушбу тадбирлар давомида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, “Омбудсман соати” лойиҳаси доирасидаги дарслар Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Академик лицей ўқувчилари учун ҳам ташкил этилиб, тадбир давомида фаол қатнашган иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзаро савол-жавобларга бой тарзда ўтган дарсларда ўқувчилар инсон ҳуқуқларига оид кўплаб билимларни ўзлаштиришди.
“Омбудсман соат”лари ўқувчиларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича билимларини мустаҳкамлаш мақсадида республика бўйлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Бу лойиҳа ёш авлоднинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати