Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳақида биласизми?
Ҳозирда ҳар қандай ташкилотга уйдан чиқмай туриб, электрон мурожаат қилиш мумкин. Лекин, баъзи фуқаролар мурожаат қилишнинг анъанавий усулини, яъни юзма-юз ўтириб муаммоларини гапириб беришни афзал кўришади. Муаммо йўқ. Агар инсон ҳуқуқларини бузилишига оид бирор бир шикоятингиз бўлса, Омбудсман мурожаатларингизни фуқаролар қабули орқали қабул қилиши мумкин.

Мен республиканинг чекка ҳудудларида яшайман пойтахтга боришга имконим йўқ десангиз, Омбудсманнинг минтақавий вакилларига мурожаат қилишингиз мумкин. Давлат раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилган. Улар нафақат мурожаатингизни қабул қилишлари, балки, зарурат бўлса мутахассислар жалб қилган ҳолда масалани жойига чиқиб ўрганишлари ҳам мумкин.

Ombudsman.uz сайти орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари, уларнинг қабул кунлари ва телефон рақамларини билиб олишингиз мумкин.

Минтақавий вакиллар мурожаатингизни қай тартибда кўриб чиқади ва уларнинг яна қандай вазифалари бор? Ҳозир шу ҳақда.

Минтақавий вакилларнинг асосий вазифаси — фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, ўрганиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам беришдир. Улар фуқаро мурожаатини ҳар томонлама ўрганиш учун зарур ҳолларда, экспертлар, мутахассислар ва тегишли ташкилотлар вакилларини ҳам жалб қилиши мумкин. 

Ҳар бир инсоннинг овози эшитилиши керак. Омбудсман минтақавий вакиллари ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”ларидаги мурожаатларни қабул қилиб ўз назоратига олади. Шунингдек, мазкур пенитенциар муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, ҳудуддаги шароитларни жамоатчилик гуруҳи аъзолари билан биргаликда ўрганишади.

Аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, республика бўйлаб, хаттоки энг чекка ҳудудларда ҳам фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб улар мурожаатларини ўрганади. Ушбу “Омбудсман мактаби” тадбирларига тегишли давлат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилиб, аҳолига мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича тушунтиришлар берилади. “Омбудсман соати” лойиҳалари орқали эса мактаб ўқувчиларига ўз ҳуқуқлари тушунтирилади. Бундан ташқари улар ОАВ орқали ҳам турли чиқишларни амалга оширишади.

Кўриб турганингиздек, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари бир қатор масъулиятли вазифаларни бажарадилар. Шу боис, улар ўз иш жадвалларини шунга мос равишда ташкил этадилар. Агар сиз уларга мурожаат қилишни режалаштираётган бўлсангиз, қабул кунларида келишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати