Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Бухородаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиганн ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди
2024 йил 7-8 ноябрь кунлари Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Бухородаги қатор пенитенсиар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жараёнларда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Дастлаб, Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган 1-сон Жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрилди. Ушбу колония умумий тартибда жазо ўташга ҳукм қилинган маҳкумларнинг жазо ўташларига мўлжаллаган. Ташриф давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш шароитлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналар ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

Кейинги манзил, Бухоро шаҳрида жойлашган 4-сон тергов ҳибсхонаси бўлди. Ўрганиш жараёнида қамоққа олинган айбланувчи ва судланувчиларни сақлаш шароитлари, қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими ҳамда уларнинг яшаш жойлари кўздан кечирилди. Бундан ташқари, дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳамда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш ҳолати кўздан кечирилди.

Бухорога ташриф доирасида вилоятдаги ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонаси, 17 ва 20-сон Жазони ижро этиш колониялари ҳамда Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига (ВСХ) ҳамда Бухоро наркология диспансерига ҳам мониторинг ташрифлари ўтказилиб, ушбу муассасаларда сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати