Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилмоқда ва ижобий ечим топмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га юборилаётган мурожаатлар холисона кўриб чиқилиб, лозим ҳолларда жойига чиқиб ўрганилмоқда. Натижада фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Улуғнор туманида истиқомат қилувчи С.Г. 2024 йил апрель ойида меҳнат таътилига чиққан бўлса-да, тиббиёт бирлашмасидан меҳнат таътили пулини олишда муаммолар юзага келгани бўйича мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили томонидан назоратга олиниб, прокуратура органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўрганилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқаро С.Г.нинг 10 млн сўмга яқин меҳнат таътили пули ундириб берилди.

Навоий вилоятидан юборилган мурожаатда Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро М.Ю. ноқонуний равишда ишдан бўшатилганини ёзган эди. Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганилди. Ўрганиш давомида маълум бўлишича, М.Ю. туғруқ таътилидан қайтганида уни ўз лавозимига эмас, балки туғруқ таътилига кетган бошқа ходимнинг ўрнига ишга қўйишган. Ўша ходим ишга қайтгандан сўнг эса мурожаатчи М.Ю.ни ишдан бўшатиб юборишган. Омбудсман аралашувидан сўнг, фуқаро М.Ю. ўз ишига қайта тикланди ва ҳозирда фаолият юритмоқда.

Қуйи Чирчиқ туманидан юборилган яна бир мурожаатда фуқаро пенсия ҳисоблашда барча меҳнат фаолияти ҳисобга олинмаганидан шикоят қилган. Мурожаатчи Н.И. 2023 йилдан бери Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимига фермер хўжаликларида ишлаган 6 йиллик иш стажини пенсия ҳисоб-китобига қўшиш бўйича мурожаат қилгани, бироқ натижа бўлмаганлигини маълум қилган. Мурожаат Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораси натижасида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қуйи Чирчиқ туман бўлими комиссиясининг 2024 йил 31 майдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва 6 йилдан ошиқ иш стажи умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланди. Пенсия бўлимига фуқаронинг пенсиясини қайта ҳисоблаш вазифаси юклатилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати