Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижондаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар учун сайёр қабул ташкил этилди
2024 йил 30 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили 3-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Ташриф давомида маҳкум ва маҳбусларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари, учрашув хоналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситаларини сақлаш ҳолати, шунингдек, ҳибсхонада вақтинча сақланаётган шахсларга яқин қариндошлари томонидан олиб келинган йўқловларни топшириш учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Ўрганиш давомида 600 нафар шахсга мўлжалланган мазкур ҳибсхонада мавжуд 302 та видеокузатув камераларининг барчаси соз ҳолда эканлиги маълум бўлди.

Шу билан бир қаторда, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлашилди. Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакилига якка тартибда мурожаат қилиш истагида бўлган 10 нафарга яқин маҳбус мурожаатлари якка тартибда қабул қилинди. Сайёр қабул жараёнида адвокат билан учрашиш, тиббий ёрдам олиш, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқа мазмундаги мурожатлар келиб тушди.

Шунингдек, “Омбудсман қути”сига ташланган мурожаатлар ҳам қабул қилиниб, ариза муаллифлари билан якка тартибда суҳбатлашилди.

Мониторингда қабул қилинган барча мурожаатлар назоратга олинди ва  улар ўрганиб чиқилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати