Мониторинг ташрифи давомида колонияга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, унда қолдирилган мурожаатлар қабул қилинди. Шунингдек, мурожаатида Омбудсман минтақавий вакилининг қабулини сўраган маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлашилди. Колониядаги шароитлар бўйича маҳкумлар билан жамоавий учрашувлар ҳам ўтказилди.
Учрашув давомида келиб тушган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, баъзи мурожаатлар назоратга олинди ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, шу куни мазкур манзил-колониясидаги маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мезонлари бўйича комиссия йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 1021-моддасида Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депутатлари, маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари кириши белгиланган.
Йиғилишда колонияда жазо муддатини ўтаётган 274 нафар маҳкумлар комиссия аъзолари томонидан ўрганилиб, 249 нафар маҳкумга тузалиш йўлига ўтганлиги бўйича хулоса берилди ҳамда 2 нафар маҳкумга илгари қўлланилган интизомий жазо, муддатидан олдин олиб ташланди.
Шу куни Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили ташаббуси билан манзил-колонияда фаолият олиб борувчи ходимлар ҳамда муассасада сақланаётган шахслар учун маҳкумларнинг сайлаш ҳуқуқи ва ундан фойдаланиш тартиби бўйича тарғибот тадбири ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 5-моддасига асосан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Тадбирда сайлов қонунчилиги юзасидан батафсил маълумотлар берилиб, иштирокчиларнинг сайлов жараёни бўйича қизиқтирган барча саволларига жавоб берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати