Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сайлаш ҳуқуқига эга маҳбус ва маҳкумларнинг сайловда иштирок этиш тартиби қандай?
Сайловлар – фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминловчи сиёсий ҳуқуқи саналади. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 5-моддасига асосан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Белгиланган тартибга кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчиларнинг рўйхатлари эса мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ва сайловчилар ягона электрон рўйхатига киритилади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шухрат Джураев томонидан Навоий вилоятида маҳкумларнинг сайлаш ҳуқуқи ва ундан фойдаланиш тартиби бўйича Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун тарғибот тадбири ўтказилди. Видеоконференц алоқа шаклида ўтган тадбирда Навоий вилоятидаги 4, 5, 11, 12-сон жазони ижро этиш колониялари ва 36-сон Манзил колонияда хизмат қилаётган 200 нафарга яқин ходимлар иштирок этишди.

Таъкидланганидек, сайлов куни қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти маҳкумларнинг сайлов участкасига кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.

 

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари мазкур муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради.

Тадбирдан сўнг, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили 4-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкумлар учун яратилган шароитларни ўрганди. Шунингдек, улар билан жамоавий учрашувлар ўтказиб, муассаса ва уларга муносабат бўйича фикрларини ўрганди.

Шунингдек, колонияга ўрнатилган “Омбудсман қутилари” кўздан кечирилди ва мурожаатлар қабул қилинди.  

 Шу куни Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилининг ташаббуси билан мазкур колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун Республика Аския маркази таниқли аския санъати усталари иштирокида концерт ва кулги кечаси ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати