Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия ва Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Андре Алгермиссен, К.Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари:
- Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни кузатиб бораман ва уларни барчасини ижобий баҳолайман. Айнан мана шу жараёнларда Омбудсман институтининг ҳам ўрни аҳамиятли. Бугун имзоланган ҳамкорлик меморандуми биз учун муҳим ва ушбу ҳужжат асосида биргаликда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз. Ўйлайманки, бу Германия ва Ўзбекистон алоқаларини янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.
Мазкур Меморандум асосида малака ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Омбудсман ўз фаолиятида доимо жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Йиғилишда иштирокчилар томонидан жамиятдаги мавжуд масалалар ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илгари сурилган таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) 30 йиллиги арафасида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, Омбудсман фаолиятига оид илмий нашрларни чоп этиш ҳамда медиа материаллар тайёрлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати