Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фракциялар йиғилишларида Омбудсман фаолиятига оид қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди
2024 йилнинг 9 сентябрь куни куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциялари йиғилишларида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Маълум қилинганидек, ушбу ҳужжатнинг мақсади Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлиб, ушбу ҳужжат 8 боб, 57 та моддадан иборат. Амалдаги қонун эса 22 моддадан иборат эди.

Қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолиятининг кафолатлари каби нормалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мос равишда  такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Шунингдек, Вакилга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ратификация қилинган халқаро шартномалар мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маърузалар тайёрлаши ва тегишли халқаро ташкилотларга киритиши мумкин.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг муҳимлигини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Омбудсманнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниб, депутатлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалардан сўнг фракциялар аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати