Мониторинг ўтказилган кунда 330 ўринга мўлжалланган интернат уйида 323 нафар ногиронлиги бўлган эркаклар даволаниб келаётгани маълум бўлди. Аниқланишича, ушбу муассасадаги шахсларга 218 нафар ходим хизмат кўрсатмоқда.
Ташриф давомида мазкур муассасада даволанаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа шароитлари ўрганилди.
Шунингдек, ушбу интернат уйига ўтказилган аввалги мониторингда аниқланган камчиликлар бартараф этилганига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, муассасадаги беморлар учун иссиқдан сақланиш ва кунни мароқли ўтказишлари учун 2 та катта сув ҳавзаси (бассейн) қурилиб, фойдаланишга топширилгани маълум бўлди.
Мониторингда муассаса ҳудудида қишлоқ хўжалиги махсулотлари учун ёғочдан яшик тайёрлаш цехи ташкил қилиниб, у ерда тиббий хулосага асосан меҳнат қилишга лаёқатли шахсларнинг 5 нафари меҳнат терапиясига жалб қилинганлиги аниқланди.
Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ошхона биносини қайта қуриш, муассаса ҳудудида дам олиш ўриндиқларини сонини кўпайтириш, канализация билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати