Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга Наманган вилоятидан юборилган мурожаатларда қандай масалалар кўтарилган? 
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбири Наманган вилоятида ташкил этилди. Дастлаб ушбу вилоятдан юборилган мурожаатлар таҳлил қилиниб, ҳудуд учун долзарб бўлган масалалар танлаб олинди ва тегишли ташкилот вакиллари жалб этилди.

Маълумотларга кўра, 2023 йилда Омбудсманга вилоят фукароларидан 955 та, 2024 йилнинг 4 ойида эса 153 та мурожаат келиб тушган. Уларда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш борасидаги имконият ҳамда имтиёзлар, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари кўтарилган. 

Энг кўп мурожаатлар Чуст туманидан келиб тушганлиги сабабли навбатдаги фуқаролар билан очиқ мулоқот ушбу туманда ўтказилди. 2024 йилнинг 22 май куни ташкил этилган тадбирда тумандаги “Тинчлик”, “Юқори”, “Янги ҳаёт”, “Ғовасой соҳили” ҳамда “Варзигон” маҳаллалари фуқаролари жалб этилди.

Тадбирда Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Вилоят бандлик бошқармасининг бўш иш ўринлар ярмаркаси, Мономарказ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси ва Ташқи меҳнат мигратцияси вилоят бўлимлари иштирок этишди.

Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари иштирокчиларни фуқаролар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имтиёзли кредитлар олиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бепул юридик ёрдам олиш бўйича қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти билан таништиришди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 500 нафарга яқин фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан бепул ўтказилди.  Ушбу тиббий кўрикка вилоятдан 28 нафар малакали тор мутахассислар жалб этилди. Шунингдек, аҳоли қон анализларини топширишди, ультратовуш текшируви (УТТ), ЭКГ ва рентген ускуналари ёрдамида текширувдан ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарка давомида 41 нафар фуқаролар доимий ишга жойлашиш ва касб-ҳунарга ўқитиш учун йўналтирилди. 12 нафар ишсиз фуқароларга субсидия асосида тикув машиналари берилди.

“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсманнинг сайёр қабули ҳам ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати