Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир 2023 йилнинг 12 декабрь куни Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида ташкил этилди.
Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари дастлаб фуқароларни, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва ундан ўрин олган чора-тадбирлар билан таништиришди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган имтиёзлар, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот беришди.
Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда, Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа доирасида Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакилининг сайёр қабули ҳам ташкил этилди.
Фуқаролар қабулидан сўнг, Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда тиббий кўрик ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати