Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакили ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларини ўрганди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Асака туманида яшовчи аёл мурожаат қилиб, ногиронлиги бўлган фарзандларига ногиронликни белгилаш масаласида ёрдам беришни сўради. Мурожаатчининг сўзларига кўра, унинг қизи бир неча йиллардан бери 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, у доимий ногиронликка ўтказилмаган. Қолаверса, 3-гуруҳ ногирони бўлган ўғлини ҳам қайта тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича ҳам мурожаат қилди.

Мазкур мурожаат ўрганиш учун Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига юборилди. Минтақавий вакил масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.

Ўрганиш жараёнида мурожаатчининг 2-гуруҳ ногирон қизига 2023-2025 йиллар учун ногиронлик нафақасини олиши белгилангани, бу бўйича қайта мурожаат қилишга асослар йўқлиги тушунтирилди.

Мурожаатчининг ўғлини қайта текширувдан ўтказилиши ва ногиронлик гуруҳини ўзгартириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, фуқарога мулкий масалада ҳам ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига Вилоятнинг Шаҳрихон туманида яшовчи ногиронлиги бўлган ёлғиз она Н.Б. мурожаат қилди. 2 нафар фарзанднинг онаси ва 2-гуруҳ ногирони бўлган мурожаатчи унга 2019 йилда давлат томонидан уй берилганини лекин, ҳозирга келиб, қурувчи 105 млн сўм тўлаши ёки уйни бўшатишлигини талаб қилаётганлигини билдирди.

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ушбу мурожаат юзасидан мутасадди идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, ҳолатни жойига чиқиб ўрганди. Ўрганиш жараёнида фуқаро Н.Б.га давлат томонидан берилган уй-жой давлат кадастридан ўтказилганлиги ва уйни бўшатишга ҳеч қандай асослар йўқ экани маълум бўлди. Тарафларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Омбудсманга Асака туманидан юборилган яна бир мурожаатда фуқаро М.М. маҳалласида газ ва электр энергияси бўйича узилишлар масаласида тегишли ташкилотларга мурожаат қилганлиги ва ҳеч қандай натижа бўлмаганлиги бўйича шикоят қилди. Шунингдек, 2-гуруҳ ногирони бўлган онасини даволатишда ҳам амалий ёрдам сўраган.

Мурожаат юзасидан Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакили бошчилигида тегишли масъул ташкилотларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойига чиқиб ўрганилди. Мурожаатчининг табиий газ ва электр энергияси бўйича муаммолари ҳал этилди.

Шунингдек, мурожаатчининг 2-гуруҳ ногирони бўлган онасига махсус протез-ортопедия мосламаси кераклиги аниқланиб, унинг “Аёллар дафтари”га киритилиши ва 2024 йилнинг январь ойида олиб берилиши маълум қилинди ва назоратга олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари